Kitob Muallifi: Abdulla Qahhor
Kitob janri: Badiiy kitoblar;
Adabiyot turi: Hikoya
Kitob tili: O'zbek tili
Nashr yili: 1950
Kitob haqida
Яқин икки ҳафтадан бери кўз очирмаётган кузак шамоли яйдоқ дарахтлар шохида чийиллайди, ғувиллайди; томларда вишиллайди, ёпиқ эшик ва дарчаларга бош уриб уф тортади. Бундай кечаларда одамзод қўймижоз ғуж бўлиб ва ниманидир кутиб жимгина ўтиришни хоҳлаб қолади.
Олимбек додхонинг саккиз хотини катта кундош Нодирмоҳбегимнинг уйига йиғилиб, сандал атрофида ўтиришар эди.
Додхо ҳар кеча таровеҳ намозидан кейин ҳалқага қолар эди, бу кеча эрта қайтди. Ҳамма тўзиди: хотинлардан бири унинг салласини олди, бири чакмонига қўл узатди, бири маҳсисини тортгани чоғланди… Кундошларнинг энг кичиги — бу даргоҳга тушганига беш ойгина бўлган келинчак — ганжиравонлик Унсиной чилим солиб тутди. Додхо чилимни бир марта, лекин жуда қаттиқ тортди-ю, ясов тортиб турган хотинларига эътибор қилмай, тўрга ўтди ва дарчани жиндаккина ғия қилиб, бир кўзи билан ташқарига қаради. Шамол гоҳ оч бўридай увиллар, гоҳ ўлим чангалига тушган мушукдай пихиллар, вағиллар, ҳеч нарса-ҳеч нарса кўринмас эди.
Zo’r
Zo‘r
zor